Авторы книги:
Доктор экономических наук, профессор Ахмад Ульмасов
Подробнее...
Кандидат экономических наук Абдухаким Бозорович Маманазаров
ЎЛМАСОВ АХМАД
Иқтисод фанлари доктори, профессор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби
Ўлмасов Ахмад 1932 йил таваллуд топган. 1949 йил ўрта мактабни олтин медал билан тугаллаб, Ўрта Осиё давлат универститети тарих факультетига ўқишга кирган (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети). Университетдаги талабалик чоғида ўша даврнинг энг яхши аълочиларига бериладиган Сталин стипендиясининг соҳиби бўлган. 1954 йил Универститетни битиргач собиқ иттифоқ Фанлар Академиясининг Иқтисод институти (Москва шаҳри) аспирантурасига кирган, ўша даврнинг атоқли иқтисодчи олимларидан таҳсил олган, улар ёрдамида иқтисод фанлари номзодлиги учун диссертация ёзган ва уни 1958 йил ўша институт илмий кенгашида ҳимоя қилган.
1958-1961 йиллар мобайнида Ўзбекистон фанлар Академиясининг иқтисод институтида катта илмий ходим лавозимида ишлаган. 1961-1976 йиллар Тошкент давлат тиббиёт институтида сиёсий иқтисод кафедрасининг, 1976-1990 йиллар Тошкент халқ хужалиги институти сиёсий иқтисод кафедрасининг мудири лавозимида меҳнат қилган.
1991-1996 йиллар Тошкент молия институтининг илмий ишлар бўйича проректори бўлган, 1996-2004 йиллар Ўзбекистон банк-молия академиясида иқтисодиёт, молия ва кредит назарияси кафедрасига мудирлик қилган, 2004 йилдан буён фахрий пенсионер.
1969 йил иқтисод фанлари доктори илмий даражасини, 1970 йил сиёсий иқтисод кафедрасининг профессори илмий унвонига эришган. Илмий-педагогик фаолиятиги катта ютуқлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони (1983 й.) ва олий мактаб аълочиси нишони (1985 й.) билан тақдирланган. 1984 йил бирқатор ўзбек олимлари билан биргаликда фан соҳасидаги СССР давлат мукофотини олиш учун олимлар танловида иштирок этган. 1972-1974 йиллар СССР олий аттестация комиссияси экспертлар кенгашининг аъзоси бўлган, 1993-1997 йиллар мустақил Ўзбекистон олий аттестация комиссиясида иқтисодий фанлари бўйича эксперт комиссиясига раислик қилган. 1982-1985 йиллар Тошкент халқ хужалиги институти қошидаги номзодлик диссертацияси ёқлаш юзасида очилган илмий кенгаши раисининг муовини бўлиб ишлаган. 2001-2003 йиллар Банк-молия академияси қошидаги докторлик диссертацияни ёқлаш бўйича очилган илмий кенгашга раислик қилган.
Проф. А.Ўлмасов 200 дан зиёд илмий ишлар муаллифи, унинг ишлари хорижда ҳам нашр этилган, уларнинг бир қисми инглиз, француз, испан ва араб тилларида ҳам нашр этилган. Унинг мақолалари собиқ СССР фанлар академияси иқтисод институтининг илмий тўпламларида, собиқ СССРнинг етакчи журналлари “Вопросы экономики”, “Экономические науки” саҳифаларида ўз ўрнини топган.
Профессор А.Ўлмасов икки илмий йўналишда тадқиқот олиб борган: 1) иқтисодий тарих, 2) иқтисодий назария. Унинг илмий ишлари ўтган асрнинг 20-30 йилларидаги Ўзбекистон халқ хўжалиги тарихини ёритишга қаратилди. Уларда иқтисодиётнинг давлатлаштирилиши, бозор муносабатларига эркинлик берилиши, аграр ислоҳотлар, хўжаликнинг тикланиши ва индустрлаштириш масалалари ёритилди. Илк бор Чор Россияси мустамлакасига айланган Ўзбекистон иқтисодиётига илмий баҳо берилди, бу ердаги ишлаб чиқариш даражаси, иқтисодий структура белгилари очилди. Россия ва хориж капиталининг зўровонлиги, маҳаллий халқнинг аянчли аҳволи очиб берилди, машъум давлатлаштиришда йўл берилган хатолар, унинг халқ хўжалигига салбий таъсири кўрсатилди.
Профессор А.Ўлмасов мақолаларида 1921-1929 йиллардаги бозор муносабатларининг иқтисодий тикланишига ижобий таъсири баён этилди. Кредит, савдо-сотиқ эркинлиги ширкатлар фаолиятини, дехқон хўжаликлари ва ҳунармандчиликни рағбатлантириши асосланди, аграр ислоҳотларнинг асосий йўналиши чекланганлиги, ер танқислигининг тугатилмагани кўрсатилди. Индустрлаштириш юзасидан проф. А.Ўлмасов янгича фикр билдириб, Ўзбекистон фақат инвестиция олувчи боқиманда бўлмаганлиги, у ҳам индустрия жамғаришида ўз ҳиссасининг қўшганлигини асослаб берди.
Профессор А.Ўлмасовнинг иқтисодий тарихга оид илмий ишларида қишлоқни колхозлаштириш ишлари яратган тушкунлик, ундан чиқишнинг оғир кечганлиги очиб берилди, колхозчиларнинг илгариги социал мақоми янги маълумотлар асосида баён этилди. Уларда ғарб олимларининг Ўзбекистон иқтисодиётига бағишланган ишлари таҳлил этилиб, уларга адолатли бериш зарурлиги кўрсатилди, ғарб адабиётидаги либерал қарашларни сохталаштириш деб баҳолаш ўринсизлиги қайд этилиб, улардан илмий таҳлилда фойдаланиш мумкинлиги кўрсатилди, бу эса янгича ёндашув бўлди. Проф. А.Ўлмасовнинг иқтисодий тарихга оид илмий изланиш натижалари “История народного хозяйства Узбекистана” (1961 й.), “Экономическая история Узбекистана” деб номланган жамоавий монографияларда чоп этилди.
Проф. А.Ўлмасовнинг иқтисодий назарияга бағишланган ишларида мулкчилик, кўп укладли иқтисод, аҳолининг турмуш даражаси, унга хос тенгсизлик, уни чегаралаш, даромадларнинг характери, иқтисодий трансформация масалалари кўриб чиқилди. Уларда аралаш иқтисодиёт трансформация маҳсули сифатида қаралиб, унинг туб белгилари кўрсатилди, бозор тизмида ресурслар миқдори ва самарадорлигига биноан тақсимлаш қонуни мавжудлиги қайд этилди, иқтисодиётнинг ижтимоийлиги умуминсоний бўлиши, лекин турли тизимларда ҳархил даражада ва турли механизмлар ёрдамида амалга оширилиши асосланди, ижтимоийликни бозор механизми чеклаб туриши ва чегарани давлат иштирокида кенгайтирилиши таъкидланди, ва шунга кўра бозор ва нобозор даромадлари пайдо бўлиши кўрсатилди.
Олимнинг назарий асарларида иқтисодий тизимларни баҳолашда мезон сифатида, ресурслар миқдори ва сифати, унумдорлик даражаси сиёсат ва хатто идеология ҳисобга олиниши қайд этилди. Унинг асарларида бозор иқтисодиётининг тартибланиш механизмлари талқинига аниқлик киритилиб, бу механизмни қандай ишлаши, унинг нуқсонлари ва давлат механизмининг зарурлиги асосланди.Шу ўринда иқтисодий сиёсат давлат, фирмалар ва хонадонлар сиёсатининг яхлитлиги ташкил этиши, сиёсатдаги хатолар бўлиши ва бу салбий оқибатларга олиб келиши кўрсатилди.
Олимнинг илмий ишларида ҳозирги молиявий-иқтисодий кризисларнинг фундаментал сабабларига янгича қаралди, буларни либерал тизимнинг ўзи яратиши асосланди. Олим иқтисод илмида ўзига хос кичик мактаб яратди. Унинг раҳбарлигида 31та номзодлик ва 5та докторлик диссертация бажарилди ва ёқланди. Унинг шогирдлари иқтисодиёт назарияси, иқтисодиёт тарихи, иқтисодий таълимотлар тарихи, соҳасида илмий изланишлар олиб боришмоқда. Улардан бир қисми ёшларга бериладиган илмий мукофотларни олишга эришди, халқаро турли грантларга сазовор бўлишди. Олимнинг ўзи ҳам турли танловларда қатнашиб 3 марта хорижий грантларга сазовор бўлган.
Проф. А.Ўлмасов маърифат йўлда тинмай меҳнат қилди, кўпгина дарслик ва ўқув қўлланмалари унинг қаламига мансубдир. У “Иқтисодиёт назарияси” деб номланган бириничи миллий дарсликнинг (1995й) асосий муаллифи бўлди. Унинг бош муаллифлигида ёзилган ва олий ўқув юртларига мўлжалланган иккита “Иқтисодиёт назарияси” дарслиги (2005, 2014 йй) чоп этилди. Унинг “Экономика” деб номланган қўлланмаси (2015й) ҳам талабаларга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда коллеж ва лицейларга мўлжалланган дарсликларни яратиш ҳам унга насиб этди. Унинг “Иқтисодиёт асослари” дарслиги 5 марта нашр этилди. (1997, 2002, 2005, 2008, 2011 йй). Унинг “Основы экономика” дарслиги ҳам (2012 й) ёшларнинг саводхонлигини оширишга хизмат қилиб қелмоқда. Иқтисодий билимдонликни оширишга муаллифнинг “Оила иқтисоди” деб номланган рисоласи ҳам яратилди. Олим иқтисодий фанларни ўқитиш услубларини такомиллаштиришга ҳам хизмат қилди. У “Иқтисодий билим асослари” деб номланган услубий китобни чоп этди (2002 й). У иқтисодий билим беришнинг янги усули – видеотехнологияларни қўллаш усулларини ишлаб чиқди. Унинг сценариялари асосида 38та иқтисодий видео вазиятлар суратга олинди. Улар ўқитишнинг оргинал ва самарали усули сифатида кўлланилди.
Олим Ўзбекистон миллий энциклопедиясини яратишда ҳам иштирок этди. У иқтисодий сўзликларни тузишда ва мақолалар ёзишда иштирок этди, энциклопедия хайъати аъзоси сифатида ҳам иш қилди. Унинг иқтисодиёт тарихи ва назарияси ривожига қилган хизматлари энциклопедия саҳифасида унинг ижодига бағишланган махсус мақолада этироф этилди. Профессор энциклопедия саҳифаларида 100дан ортиқ мақолаларни чоп этдики, уларда ҳам иқтисодий тарих ва иқтисодиёт назарияси масалалари ёритилган.
Муаллиф аҳолининг иқтисодий саводхонлигини оширишда ҳам жонбозлик қилди. Унинг оммавий мақола ва рисолалари аҳолига бозор иқтисодиётининг мазмун-моҳияти, унинг қонун-қоидаларини етказишда, кишиларнинг бозор ислоҳотларида фаол иштирок этишига қаратилди. Бозор иқтисодиёти хақидаги билимларни оммалаштиришда унинг “Бозор иқтисодиёти” деб номланган луғатлари ўзбек тилидаги ягона билим манбаи сифатида хизмат қилди. Муаллифнинг “Оила иқтисоди” номли рисоласи (1998й) ҳам оиланинг даромади ва харажати ҳақида маълумот берувчи биринчи манбалардан ҳисобланади.Иқтисодий билимларни оммага етказишда профессорбош-қош бўлган ва бевосита олиб борган “Иқтисодиёт алифбоси” деб номланган махсус телекўрсатув (1997-1998) ҳам катта рол ўйнади.
Oлим маърифат йўлида таржимонлик ишларига ҳам бош-қош бўлди. У “Сиёсий иқтисод” дарслигининг ўзбек тилида чоп этилишига маъсул мухаррирлик қилди (1982). У машхур АҚШ иқтисодчилари Р.Пиндайк, Д.Рубинфельднинг “Micro-economics” деб номланган дарслигини ўзбек тилига ўгириб, “Микроиқтисод” номи билан чоп этди (2002), бу китоб ҳам талабаларга хизмат қилмоқда.
Проф. А.Ўлмасов доимий изланишда. У киши “Ўзбекистон иқтисодиёти ХХ асрда” деб номланган илмий монографияни чоп этиш ниятида. Бу асар мустамлакачилик, режали иқтисодиёт ва мустақил Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиёти шароитида ривожланиши қиёсий таҳлилини назарда тутади.